Маданият ўлмасин...
Шоу бўлса — шоу, бизнес бўлса — бизнес,
Фақат битта илтимос: адабиёт ўлмасин.
Муаммоларда, муомалаларда —
Яхши гап сўзлансин, муҳаббат ўлмасин.
Аҳамият ўлмасин, жамият ўлмасин,
Одам орасида маданият ўлмасин.
Инсон боласида ҳуррият ўлмасин,
Офият ўлмасин, самимият ўлмасин.
Маданият ўлмасин, ҳуррият ўлмасин,
Қўшиқ ноласида шеърият ўлмасин.
Ўйнасин, ўйнасин — лазгига ўйнасин,
Номус-у қадрият ишқида ўйнасин!
Ғолиб бўлса — ғолиб, мағлуб бўлса — мағлуб,
Соғлом бўлсин, майли — рақобат ўлмасин.
Ҳикояларда, рисолаларда
Мардлар бўлсин эътироф — адолат ўлмасин!
Жасорат ўлмасин, матонат ўлмасин,
Инсон юрагида диёнат ўлмасин.
Салоҳият ўлмасин, садоқат ўлмасин,
Саховат ўлмасин, фазилат ўлмасин.
Маърфат ўлмасин, маънавият ўлмасин!